3 Май 2025 йил 915

Ёшларни оғу чангалидан асраймиз!

Яшнобод туман ИИО ФМБ бошлиғи томонидан ўтказилган навбатдаги саф йиғинида ички ишлар бўлими ходимлари, профилактика инспекторлари, маҳалла еттилиги, Фавқулодда вазиятлар шаҳар бўлими, туман тиббиёт бирлашмаси масъуллари қатнашди. Ойбек Каюмходжаев йиғилганларни айни пайтда давом эттирилаётган “Хавфсиз ва соғлом юрт” ойлиги доирасида амалга оширилиши белгиланган чора-тадбирлар режаси билан таништириб, асосий иш йўналишларини тақсимлаб бераркан, ҳудудий муаммоларни ҳал этиш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, мавжуд муаммолар ечимига тизимли ёндашув, ўзаро ҳамкорликни кучайтиришга эътиборни қаратди. Шунингдек, туман ИИО ФМБ бошлиғи “ADJU” институти ўқитувчилари ва талабалари билан учрашув ўтказди. Учрашувда ёшлар ўртасида гиёҳвандлик моддалари тарқалишининг олдини олиш, унинг аянчли ва мудҳиш оқибатлари ҳақида жонли мисоллар ёрдамида маълумотлар берди. Йиғилганларни ҳаётда адашмаслик, соғлом турмуш тарзини танлаш орқали ўз бахтли келажагини ярата олиш мумкинлигини таъкидлади. Очиқ мулоқот тарзида ўтган суҳбат сўнгида ёшларнинг гиёҳвандликка қарши мулоҳазалари, фикрлари қаторида уларни қийнаётган муаммоларини тинглаб, уларнинг ечими бўйича ҳуқуқий тавсиялар берди. Худди шундай тадбир туманда жойлашган Педагогика университети талабалари билан ҳам бўлиб ўтди.

Тумандаги 153-умумтаълим мактабининг юқори синф ўқувчилари иштирокида ўтказилган учрашув эса ёшлар ва вояга етмаганлар орасида гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар тарқатилишини олдини олиш ойлиги доирасида ўтказилаётган тадбирларнинг узвий давоми бўлди. Унда О.Каюмходжаев, Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлими вояга етмаганлар масалалари бўйича катта инспектор-психологи М.Раҳматов, инспектор-психолог Д.Аҳмедова, тумандаги “Қадрият” маҳалла фаоллари ва мактаб раҳбари С.Султоновалар қатнашишди. Маърузачилар сўнгги йилларда ёшлар ўртасида гиёҳванд моддалари истеъмоли кенг тарқалаётгани, ўсмир-ёшлар турли алдовлар: ижтимоий тармоқлардаги “катта-катта” ваъдалар, васвасаларга ишониб, ўз келажагига болта ураётгани, ҳаётлари, саломатлиги, оиласини хавф остига қўяётган ҳолатлар ҳақида тушунтиришлар беришди. Гиёҳвандлик охир-оқибат жиноятга, ҳалокатга етаклашига ҳаётий мисоллар келтиришди. Мулоқот сўнгида ўқувчиларни қизиқтирган кўплаб саволларга жавоб берилди.

Барча янгиликлар

Text to speech