Кузнинг охирлари. Кун қисқа. Соат бешлардан оғиб тезда қоронғулик тушади. Бу вақтда бекорчиликдан Бектемир туманида жойлашган бозорда айланиб, нарх-наволарни шунчаки суриштириб юрган Обиднинг уяли телефони жиринглади. Омадни қаранг-ки, қўнғироқ қилаётган киши шу яқин-атрофда экан. Орадан ўн дақиқа ҳам ўтмай улар бир-бирларини топиб учрашишди. Абдулаҳад ижтимоий тармоқлар орқали экин уруғларини сотиш билан шуғулланиб келаётган Обид билан боғланишни аллақачон дилига тугиб юрган экан. Атай уни излаб узоқдан ташриф буюрибди, экиш ва сотиш учун минг килограмм беда уруғини харид қилиш ниятида экан. Улар узоқ суҳбатлашишди. Абдулаҳад бир ой ичида, яъни 2023 йилнинг январидан кечикмай минг кило олий навли беда уруғини олишига ишониб, Обиднинг қўлига 3.300 АҚШ долларини топширди. Орадан ойлар ўтди. Келишилган ойда ҳам, ундан кейин ҳам уруғлардан дарак бўлмади. Аввалига “... 500 килосини топиб қўйдим, яна бир оз сабр қилинг, ҳаммасини биттада жўнатаман, йўлкирадан ютасиз”, деб ваъдани қуюқ қилаётган Обид муҳлат яқинлашавергач, умуман телефонини ўчириб қўйди. Уруғ экиш палласи ҳам ўтиб кетдики, Обиддан дарак бўлмади. Чув тушганини англаган Абдулаҳаднинг ички ишлар органларига мурожаат қилишдан бошқа чораси қолмади. Жиноят ишлари бўйича Сергели туман суди очиқ сайёр суд мажлисида 1989 йилда туғилган, маълумоти ўрта, муқаддам фирибгарлик жинояти учун судланган С.Обиднинг жиноий қилмишларини қонунан кўриб чиқди. Уни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “б” банди билан айбли деб топди. Айбланувчининг қилмишидан пушаймонлиги, оилавий аҳволи, айбига тўлиқ иқрорлиги, жабрланувчига етказилган зарарни тўлиқ қоплаганлиги ва жабрланувчининг даъвоси йўқлиги инобатга олиниб, суд томонидан Обид иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йил аҳлоқ тузатиш ишлари жазосига ҳукм қилинди. Мазкур жиноят иши тафсилотлари билан Бектемир тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими терговчиси, катта лейтенант Бобур Давлетов таништирди.