25 Октябр 2025 йил 406

Халқ осойишталиги ва хавфсизлиги йўлида яна бир қадам: Пойтахтнинг Янгиҳаёт туманида ички ишлар органлари учун янги маъмурий бино фойдаланишга топширилиб, ходимлар фаолиятини янада самарали ташкил этиш учун барча шароитлар яратилди

Тошкент шаҳрининг Янгиҳаёт туманида Ички ишлар органлари ходимлари куни арафасида янги маъмурий бинонинг очилиш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳудуд сўнгги йилларда Президентимиз раҳбарлигида амалга оширилаётган ислоҳотлар доирасида пойтахтнинг энг тез ривожланаётган масканларидан бирига айланди. Бу ерда аҳолининг яшаши, дам олиши ва маданий ҳордиқ чиқариши учун барча қулайликлар яратилган.

Янги маъмурий бино атрофида жойлашган “Тинчлик” боғи ҳам бугун янги қиёфа касб этди. Ички ишлар вазири, Тошкент шаҳар ҳокими, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари раҳбарлари, шунингдек соҳа фахрийлари боғда яратилган шароитлар билан танишдилар. Ватанга ва халққа садоқат билан хизмат қилиш ғояси асосида барпо этилган истироҳат масканида ички ишлар тизими соҳавий хизматларининг рамзлари ўрнатилган бўлиб, бу ечим тизим имижини ошириш ва ходимларни халққа янада яқинлаштиришга хизмат қилади.

Боғ ҳудудида китоб бекати, мутолаа жойи, “Фахрийлар чойхонаси” ҳамда хизмат вазифасини бажариш вақтида ҳалок бўлган ходимлар хотирасига бағишланган ёдгорлик мажмуаси ҳам барпо этилган. Ташриф иштирокчилари ёдгорликка гулчамбар қўйиб, мард ўғлонлар хотирасига чуқур ҳурмат ифодасини билдирдилар.

Тадбир давомида Янги ҳаёт тумани ИИО ФМБ янги биноси расман фойдаланишга топширилди. Маросимда сўз олганлар замонавий бинода хизмат қилаётган ходимлардан фидойилик ва масъулият талаб этилишини, аҳолининг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда садоқат билан хизмат қилиш ҳар бир ходимнинг олий бурчи эканини таъкидладилар.

Ички ишлар органлари ходимлари куни муносабати билан вазир ҳамда бош бошқарма раҳбарлари томонидан бир қатор ходимлар фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирланди. Шунингдек, Тошкент шаҳар ҳокими бир гуруҳ ходимларга хизмат автомашиналарининг калитларини тантанали тарзда топширди.

Фахрийлар иштирокида рамзий лента қирқилиб, янги бинога расман фаолият бошланди. Янги иншоотда замонавий “Вазиятлар маркази”, миграция ва фуқароликни расмийлаштириш хоналари, ошхона ва ётоқхона, автотранспорт воситаларини сақлаш бинолари барча зарур техник воситалар билан жиҳозланган.

Ташриф иштирокчилари хизмат хоналаридаги рақамлаштирилган бошқарув тизими, бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ўзаро интеграциялашув имкониятлари билан ҳам танишдилар. Бу янгиликлар соҳада узоқ йиллар фаолият юритган фахрийларда ҳам катта таассурот уйғотди.

Янги биноларнинг фойдаланишга топширилиши нафақат Янги ҳаёт туманида, балки пойтахтнинг бошқа ҳудудларида ҳам Ички ишлар органлари тизимидаги ислоҳотларнинг изчил давом этаётганидан далолатдир.

Барча янгиликлар

Text to speech