Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 34 йиллигини нишонлаш арафасида истиқлол учун, Ватан озодлиги учун, халқнинг эркинлиги, ҳурлиги учун, миллат бирлиги учун курашларда қатағон қилинган юртдошларимиз хотирасини ёд этиш анъанага айланган. Куни кеча пойтахт ички ишлар органларида хизмат олиб бораётган ёш ходимларнинг бир гуруҳи пойтахтнинг Юнусобод туманида жойлашган “Шаҳидлар хотираси ёдгорлик мажмуи” ҳамда “Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи”га ташриф буюрдилар. Бу ташрифлардан кўзланган мақсад: ўтмишда юрт озодлиги, ҳурлиги учун курашда сиёсий қатағон қурбонлари бўлган маърифатпарвар, зиёли ҳамюртларимизнинг руҳларига таъзим бажо келтириш, тарихий хотирани асраб-авайлаш, озодлик йўлида қанчалик улкан йўқотишлар, фожиалар содир бўлганлиги, истиқлол ўз-ўзидан келмагани, ўзлигимиз, қадриятларимизни англашдан иборат. Зотан, тарихни билмай, келажакни барпо қилиш мумкин эмас. Озодлик курашчиларининг бу йўлда олиб борган фаолияти, уларнинг аянчли қисмати ташриф буюрган ёшлар қалбида чуқур изтироб ва маҳзунлик уйғотди.
Ёшларнинг тарих билан танишувлари пойтахт ИИББ нинг “Шон-шараф” музейида давом этди. Бу ерда улар пойтахтимиз ҳудудида ички ишлар органларининг ташкил этилишининг узоқ тарихи, жиноятчиликка қарши кураш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, жамоат тартибини сақлашда ички ишлар органлари ходимлари томонидан олиб борилган ишлар билан яқиндан танишдилар. Тарихдан сўзловчи ҳар бир маълумот, экспонат ва кўргазмали қуроллар, асори-атиқалар ёш ходимларда катта қизиқиш уйғотди. Шунингдек, жиноятчиликка қарши кураш йўлида жонларини фидо қилган ички ишлар ходимлари хотираси ёдга олиниб, таъзим бажо келтирилди. Ушбу ташрифлар ёшларни ватанпарварлик ва маънавий юксаклик руҳида тарбиялаш, Ватани, халқига садоқат ва сидқидилдан хизмат қилиш, аждодлар ишини муносиб давом эттириш, ўзлигини англаш, миллий қадриятлар ва анъаналарга содиқликни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади.