1 Ноябр 2025 йил 387

Диққат марказида: аёллар ва болалар ҳақ-ҳуқуқлари

Гендер асосида зўравонлик бутун дунёда учрайди. Шу сабабли ҳар йили “25-ноябрь – Хотин-қизларга нисбатан зўравонликка барҳам бериш халқаро куни” сифатида нишонланади. Афсуски, мамлакатимизда ҳам бу иллатга ҳамон барҳам берилгани йўқ. Президентимиз томонидан хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, уларни қўллаб-қувватлаш, ҳақ-ҳуқуқларини кафолатлаш ҳамда тазйиқ ва зўравонликлардан асрашга қаратилган қатор фармон ва қарорлари бу жараённинг долзарб ва муҳимлигидан даракдир. Ушбу кун муносабати билан Тошкент шаҳар ИИББ томонидан қатор идоралар ҳамкорлигида ишлаб чиқилган режа асосида жорий йилнинг 1 ноябридан 25 ноябрига қадар “Биз зўравонликка қаршимиз” шиори остида маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилиши белгиланган. Мазкур тадбирларда аёл-қизларни тизимли қўллаб-қувватлаш, қонуний ҳуқуқларини таъминлаш ҳамда уларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш бўйича амалий ишлар кўзда тутилган. Хусусан, маҳалла ва идора-ташкилотларда хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунлар тарғиботига кенг ўрин берилган. Мавзуга оид видеороликлар, саҳна кўринишлари, буклет ва эслатмалар, тарқатма материаллар орқали оммага аёллар ва болаларнинг ҳақ-ҳуқуқлари, ҳимоя чоралари, зарурат туғилганда қайси маҳкамаларга мурожаат қилишлари мумкинлиги ҳақидаги маълумотлар етказилади.

Шунингдек, маҳалладаги намунали оилалар, ибратли қайнона-келинлар билан очиқ мулоқот ва давра суҳбатлари ўтказилади. Маҳаллаларда истиқомат қилувчи ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизларга кўмак бериш, қўллаб-қувватлаш каби тадбирлар ҳам мазкур режанинг асосини ташкил қилган бўлиб, масъуллар ва мутасаддилар ҳамкорлигида уларни оила-турмуш муносабатларидаги муаммо ва камчиликлари ўрганилиб, бартараф этиш чоралари кўрилади. Мазкур тадбир пойтахтимизда истиқомат қилувчи оилалар, маҳалла аҳлини ташвишлантириб келаётган кўплаб муаммоларига ечим топиши, оилалар жипслигини таъминлаши, аёл-қизларимизни бахтли яшашга ҳақли эканликларига ишончи ортишига хизмат қилади.

Барча янгиликлар

Text to speech