Юртимиз Ўрта Осиё давлатлари ўртасида машинасозлик, энергетика, кимё, нефть, кўмир, газ, олтин ишлаб чиқариш, тоғ-кон-металлургия, техника, самолётсозлик, енгил саноат, озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида юқори даражаларга эришган. Бу муваффақиятларга эришишда атоқли давлат арбоби, таниқли ёзувчи, марҳум Шароф Рашидович Рашидовнинг хизматлари беқиёс. Шароф Рашидов Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси: Москва остоналаридаги жангларда, шимолий-ғарбий фронтда, Волохов фронти 38-гвардиячи дивизиясида мардона жанг қилиб оғир яраланган. Жанглардаги жасорати учун 1942 йили “Қизил юлдуз” ордени билан тақдирланган. Фронтдан қайтгач, 1943 йилдан оддий муаллим, 1950 йили Ўзбекистон Олий Совети Президиуми раиси, 1959 йилдан эса Ўзбекистон Республикасининг Биринчи котиби этиб сайланиб, давлат раҳбари даражасига кўтарилганлар. Шароф Рашидович Рашидов 1983 йилнинг 31 октябрь куни Қорақалпоғистон Республикасига хизмат сафари чоғида юрак хуружидан вафот этадилар. Жорий йилнинг 31 октябрида Шароф Рашидовнинг вафот этганига 42 йил тўлди. Шунча йил ўтса ҳамки, Шароф Рашидовнинг номи Ўзбекистон халқи ва тарихида мангу ўрин олиб қолмоқда. Шу муносабат билан 31 октябрь куни Ўзбекистон Республикасини 25 йил давомида бошқарган, атоқли давлат арбоби Шароф Рашидович Рашидовни хотирлаб, “Янгиланаётган Ўзбекистонда, инсон азиз – хотира муқаддас” шиори остида Чиғатой қабристонида ва Шароф Рашидовнинг бюсти ўрнатилган хиёбонда Юнусобод тумани ИИО ФМБ бошлиғи, полковник Маҳкам Вафоев ташаббуси билан хотира маросими ўтказилди. Унда Шароф Рашидовнинг фарзандлари, туманда жойлашган 58-сонли ихтисослаштирилган мактаб ўқувчилари, ИИВ Академияси курсантлари, Юнусобод тумани ИИО ФМБ ходимлари ва фахрийлар кенгаши аъзолари қатнашдилар. Тадбирда сўзга чиққанлар Шароф Рашидовнинг мамлакатимизнинг ривожи ва юксалишига қўшган улкан ҳиссалари ва инсонийлик фазилатлари, мерос қолдирган бадиий асарлари ҳақида сўз юритдилар.