13 Феврал 2025 йил 828

Буюкларга эҳтиром

Юртимиз дунёга буюк мутафаккирлар, алломалар, давлат арбоблари, саркардалар етиштирган заминдир. Уларнинг бебаҳо ижодий-илмий мерослари нафақат халқимиз, балки жаҳон тамаддуни, адабиёти тарихи, миллий маданиятимиз ва адабий-эстетик дунёқарашимиз ривожида алоҳида ўрин тутади. Уларнинг меросини ўрганишимиз бизга шараф. Куни кеча Тошкент шаҳар ИИББ Вояга етмаганларга ижтимоий ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказида буюк мутафаккир ва шоир, атоқли давлат ва жамоат арбоби Алишер Навоийнинг 584 йиллиги ҳамда шоҳ, саркарда ва беназир шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 542 йиллигига бағишланган адабий-маърифий кеча бўлиб ўтди. Тадбирни Марказ бошлиғи ўринбосари, майор Гулчехра Соипова очиб бераркан, тадбир қатнашчиларига Навоий бобомиз ўз шеърий ва насрий асарларида юксак умуминсоний ғояларни илгари сурганлиги, она тилимизнинг беқиёс сўз бойлиги ва жозибаси, латофатини асарларида намоён этиб миллионлаб китобхонлар қалбидан жой олганлигини таъкидлади. Навоийнинг қатор ғазаллари, девону достонлари, ҳикматларида илгари сурилган ғояларга тўхталиб ўтди. Шунингдек, шоҳ Бобурнинг саркардалик маҳорати, давлатни юритишда адолат, халқпарварлик тамойилларига амал қилиши, асарларида кўпроқ юрт соғинчи акс этган рубоий ҳамда туюқларига эътиборни қаратди. Тадбирда Тошкент вилоятидаги 4-умумий таълим ўрта мактаб ўқувчиларининг ҳар икки тарихий шасхларнинг ҳаёти ва ижодини акс эттирувчи театрлаштирилган саҳна кўринишлари намойиш этилди. Ижро этилган шеърий чиқишлар, куй-қўшиқлар марказ тарбияланувчиларида катта тассурот қолдирди.

Барча янгиликлар

Text to speech