Бугун мамлакатимизда Ички ишлар органлари ходимлари куни нишонланмоқда.
Шу муносабат билан ташкил этилган тантанали тадбирда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг тизим ходимлари ва фахрийларига байрам табригини ўқиб эшиттирдим.
Қутловда ички ишлар тизимини халқчил ва самарали тузилмага айлантириш бўйича сўнгги йилларда амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида мамлакатимизда тинчлик ва осойишталик муҳитини мустаҳкамлаш, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш бўйича мустаҳкам замин яратилгани таъкидланган.
Жиноятчиликнинг олдини олиш, маҳаллаларда хавфсиз муҳит яратиш, рақамли технологиялар ва сунъий интеллект имкониятларидан фойдаланган ҳолда жамоат хавфсизлигини таъминлаш, кибержиноятчилик ва гиёҳвандликка қарши курашиш соҳасида эришилаётган ютуқлар билан бирга, соҳа олдида турган устувор вазифалар қайд этилган.
Президентимиз табригида халқимиз ҳаётини янада осойишта ва файзли қилишга қаратилган ҳаракатлар бундан буён ҳам устувор даражада изчиллик билан давом эттирилиши, ички ишлар ходимларининг меҳнатини муносиб қадрлаш, замонавий иш шароитлари билан таъминлаш, малакали кадрлар тайёрлаш масалалари доимо эътибор марказида бўлиши таъкидланган.
Давлатимиз раҳбари ички ишлар органлари ходимларига тинчлик ва хавфсизлик йўлидаги шарафли ва масъулиятли хизматида катта муваффақиятлар тилади.