Пойтахт бозорларидаги вазият масъуллар томонидан ўрганилмоқда
Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси, прокуратура раҳбарлари, туман ҳокими, Миллий гвардия, Фавқулодда вазиятлар бошқармаси, солиқ бошқармаси ва бошқа масъул ташкилотлар раҳбарлари бошчилигидаги ишчи гуруҳ пойтахтимиз ҳудудида жойлашган бозорлар ва йирик савдо мажмуаларидаги вазиятни ўрганмоқда.
Жумладан, ишчи гуруҳ томонидан Бектемир ҳамда Чилонзор туманларида жойлашган бозорлар ўрганилиб, электр тармоқларига ноқонуний уланиб олган, ажратилган жойдан ташқарида ноқонуний савдо қилаётган, нархларни сунъий равишда оширишга йўл қўяётган тадбиркорлар аниқланиб, камчиликлар жойида бартараф этилди. Шунингдек, ишчи гуруҳ томонидан яқинлашаётган аномал совуқда эҳтиёт чорасини кўриш, ис газидан заҳарланишни олдини олиш, электр тармоқларидаги носозликларни созлаш, ёнғин хавфсизлигига риоя этиш юзасидан тушунтиришлар берилди.
Ҳурматли фуқаролар! Электр тармоқларидан ва бошқа иситиш мосламаларидан фойдаланаётганингизда эҳтиёт чораларига риоя этишингизни, носоз мосламалардан, ёнғин хавфсизлиги талабларига жавоб бермайдиган жиҳозлардан фойдаланмаслигингизни сўраймиз!