29 Октябр 2025 йил 247

Тергов амалиётидан. Бойлик васваса қилганда...

Ота-она фарзандига чиройли, фазилатли исм қўйишга интилиши табиий. Масалан, эл-юртда, хулқ-атвори амаллари билан азиз бўлсин дея Азизжон деб исм қўйишади. Бундан ҳикоямиз қаҳрамонининг исми Азизжон эканлигини англаган бўлсангиз керак. Азизжоннинг маълумоти ўрта, уч нафар фарзанднинг отаси. Нима бўлди-ю у сўнгги вақтларда ишламай мўмай даромад топиш ҳақида ўйлай бошлади. У ишлаётган ошхонанинг даромадсизлиги туфайли касодга учраб ёпилиши унинг бу ўйларини янада тезлаштириб юборди. Иттифоқо, 2023 йилнинг февралида Чилонзор туманида жойлашган ошхоналарнинг бирида овқатланиб ўтирганида таниши Ҳакимжонни учратиб қолди. Иккиси таом тановули устида гурунглашди. Ҳакимжон автомашина сотиб олиш ниятини айтганида, Азизжон режасини амалга ошириш фурсати келганини англади ва унга 7.400 АҚШ долларига яп-янги Spark автомашинаси олиб беришга қодирлигини айтиб ишонтирди. Айтилган вақт ичида Ҳакимжон ундан ваъда қилинган автомашинани сўраганида у:
– Менга қара, шу гавдангга “Spark” ярашмайди. Минганга яраша бундайроғини мин. Дўст-ёрларинг олдида ҳам обрў, ҳам ҳавас. Мен-ку олиб бераверардим. Мундоқ ўйласам Spark қаёқда-ю, Gentra қаёқда. Яп-янги, ярқираб турган Gentra сендан айлансин. Кел зиқналик қилма, озгина қўш!
– Шундайликка шундайку-я, лекин пул масаласи сал...
– Сал-пали йўқ. Оғайнимга айтаман бирор ҳафта кутиб туради.
Орадан икки ҳафталар ўтиб, Ҳакимжон қарз кўтариб 10.000 АҚШ долларини Азизжонга келтириб берди. Уч кун ичида Gentra ли бўлишни ният қилган Ҳакимжон бир ҳафта ўтиб, Азизжон билан учрашган кунни катта афсус-надомат билан эслади. Алдангани алам қилди. Нима ҳам қиларди, уни уриб бўлмаса, сўкиб бўлмаса – ички ишлар органларига мурожаат қилди.

Жиноят ишлари бўйича Янгиҳаёт туман суди очиқ суд мажлисида 1991 йилда туғилган, маълумоти ўрта, уч фарзанднинг отаси, муқаддам судланмаган Б.Азизжоннинг қилмишини қонунан кўриб чиқиб, уни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди (“Фирибгарлик”) билан айбли деб топди. Унинг муқаддам судланмаганлиги, айбига тўлиқ иқрорлиги, пушаймонлиги, оилавий шароити, жабрланувчининг даъвоси йўқлиги инобатга олиниб, суд базавий ҳисоблаш миқдорининг 75 баравари миқдорида, яъни 24.750.000 сўм жарима жазосини белгилади.

Ушбу жиноят иши тафсилотлари Янгиҳаёт тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими катта терговчиси, майор Ихтиёр Махамматовнинг иш юритувидан олинди.

Барча янгиликлар

Text to speech