Болалар келажагимиз. Уларнинг баркамол, ватанпарварлик, халқпарварлик, адолатпарварлик, аждодларимиз мероси ва анъаналарига содиқлик руҳида вояга етишларида катталарнинг уларга бўлган муносабати, муомаласи, ибрати муҳим аҳамиятга эга. Бироқ, айрим катталар, она-оналар томонидан фарзандларига қўпол муомала қилиш, камситиш ва жисмоний зўравонлик кўрсатиш ҳолатларининг содир этилаётганини инкор этиб бўлмайди. Бу каби ҳолатлар болалар руҳияти ва ҳиссиётлари, жисмоний шаклланишига ҳам салбий таъсир кўрсатади. “Биз зўравонликка қаршимиз!” ойлиги доирасида Юнусобод тумани ИИО ФМБ ташаббуси билан “Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилишда масъул субъектларнинг ҳамкорлиги” мавзусида учрашув ташкил этилди. Унда асосий эътибор болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш бўйича масъул субъектлар фаолиятини мувофиқлаштириш, ҳамкорликдаги ишлар самарадорлигини ошириш ҳамда профилактик чораларни янада кучайтириш жараёнларига қаратилди. Тадбирда туман ҳудудий ички ишлар бўлимлари, Хотин-қизлар масалалари бўйича инспекторлар, вояга етмаганлар масалалари бўйича инспектор-психологлар, туман Мактабгача ва мактаб таълими, Хотин-қизлар ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимлари, Болалар ишлари бўйича комиссияси, соғлиқни сақлаш муассасалари ҳамда маҳалла фаоллари иштирок этишди. Учрашувда ҳар бир субъектнинг ўз йўналиши бўйича амалга ошираётган ишлари ва мавжуд муаммолар ҳақида ахборотлари тингланди. Болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатларини олдини олиш, оиладаги носоғлом муҳитни эрта аниқлаш, мактаб ва маҳаллаларда профилактик ишлар самарадорлигини ошириш масалалари, масъул ташкилотлар ўртасида маълумот алмашинуви сифати ҳамда тезкорлигини яхшилаш ҳамда ҳамкорликда амалий чоралар кўриш механизмлари муҳокама қилинди. Учрашув якунида ҳар бир масъул ташкилот олдига аниқ вазифалар юклатилди. Жумладан, профилактик суҳбатлар сонини, болалар билан ишловчи мутахассислар малакасини ошириш, ота-оналар билан якка тартибда тушунтириш ишлари, профилактик суҳбатларни кўпайтириш, аниқланган ҳар бир ҳолатга тезкор муносабат билдириш тизимини такомиллаштириш бўйича чоралар белгиланди. Жумладан, келгуси истиқболда болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш бўйича субъектлар ўртасида доимий ҳамкорлик йўлга қўйилиши, мониторинг ишларининг тизимли равишда олиб борилиши, аҳоли ўртасида маърифий тадбирлар, семинар-тренинглар, очиқ мулоқот ва тарғибот акцияларини янада жадаллаштириш режалаштирилди.