Пойтахтимиз – азим Тошкент мамлакатимизнинг энг катта мегополис шаҳри ҳисобланади. Кундан-кунга ўзгариб, улкан бунёдкорлик ишлари олиб борилаётган обод гўшага ҳар куни вилоятларимиз ва хориждан минг-минглаб одамлар келиб-кетади. Мана шундай катта шаҳарнинг хавфсизлиги ва осойишталигини таъминлашда ички ишлар органлари ходимларининг алоҳида ўрни бор. Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғининг ўринбосари – Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш хизмати бошлиғи, полковник Алиаҳмад Чориев билан тизимда амалга оширилаётган ишлар, келгусидаги режалар хусусида суҳбатлашдик.
– Алиаҳмад Омонович, ички ишлар органларида хизмат интизоми ва қонунийликка амал қилиш ҳамда касбий тайёргарлик масаласи биринчи галдаги вазифа ҳисобланади. Айтинг-чи, бош бошқармада бу борада қандай ишлар амалга оширилмоқда.
– Тўғри таъкидлаганингиздек, интизом бор жойда самара бўлади, ҳар бир ходим қонун устуворлигига амал қилса, адолат ҳукм суради. Шу мақсадда бош бошқарма ва унинг таркибий тузилмаларида ҳамда барча туман ИИОФМБда хизмат интизоми ва қонунийликни мустаҳкамлаш мақсадида шахсий таркиб билан доимий равишда тарбиявий-профилактик тадбирлар ўтказилмоқда. «Ходимбай» ишлаш тизими асосида 4600 дан ортиқ ходимлар ҳамда оила аъзоларининг яшаш шароити ва ҳолати ўрганилди. Ходимларнинг касбий тайёргарлиги ҳамда ҳар қандай вазиятга тайёр туриши учун жисмоний ва жанговар тайёргарлик даражасини янада мустаҳкамлаш мақсадида ўқ отиш машғулотлари ҳам мунтазам равишда ўтказиб келинмоқда.
– Маънавий-маърифий ишлар йўналишида олиб борилган чора-тадбирлар хусусида ҳам тўхталиб ўтсангиз?
– Бу борада фахрийларимизнинг имкониятидан кенг фойдаланяпмиз. Улар билан ҳамкорликда ўтказиляпти. Маънавият ва маърифат дарсларига элимиз таниган ижодкорлар, олимлар ва зиёлиларни таклиф этяпмиз. Ходимлари ўртасида мутолаа маданиятини юксалтириш, тизимда китобхонликни кенг тарғиб қилиш мақсадида ўқиш учун тавсия этиладиган адабиётлардан ташқари, мунтазам равишда китоблар ярмаркаси ташкил этилиб, ходимлар ўзлари қизиққан ва оила аъзорлари учун ҳам китоблар харид қилиши анъана тусига кирган. Шунингдек, жойларда хизмат олиб бораётган ходимлар билан учрашувларда китоб мутолааси бўйича савол-жавоблар қилиб борамиз. Натижада «Энг яхши китобхон» кўрик-танловлари, «Заковат» интеллектуал ўйинларини ҳам осойишталик посбонлари ва оила аъзоларининг китобга бўлган қизиқишини янада орттирмоқда.
– Тараққиёт душмани ҳисобланган коррупция балосига қарши курашиш масаласи қай тарзда ҳал этилмоқда?
– Тўғри, бу иллат доим долзарб масала бўлиб келган. Шуни инобатга олиб, айрим фуқаролар томонидан жиноятини яшириш учун таклиф этилган порани рад этиб, жиноятнинг фош этилишига ҳисса қўшган ходимлар пул мукофотлари билан рағбатлантирилмоқда. Таклиф этилган порани олмасдан, ўз касбига содиқ қолган ходимларни барча имтиёзлардан ҳам навбатсиз фойдаланиши кўзда тутилмоқда. Шунингдек, жамоатчилик асосида коррупцияга қарши кураш кенгашининг ҳар бир аъзосига иш ҳақига қўшимча равишда устама бериш режалаштирилган. Аммо гуруч курмаксиз бўлмаганидек, ўз вазифаларини суиистеъмол қилаётган, порага мойиллиги бор айрим ходимлар ҳам бор орамизда. Шунинг учун мунтазам текширувлар ўтказиб, бундай ходимлардан воз кечилмоқда.
– Ижтимоий ҳимоя ва рағбатлантириш борасида қилинаётган ишларнинг ҳолати қандай?
Ўтган 2022 йилнинг ўтган 11 ойи мобайнида ижарада яшаётган 570 нафар ходимга компенсация пуллари тўлаб берилди. Яшаш уйларини таъмирлаш ва бошқа ижтимоий масалалар бўйича 78 нафар ходимга фоизсиз қарз, тўй ва маросимларни ўказиш учун 213 нафар ходимга моддий ёрдам ажратилди. Соғлиғини тиклаш ва даволаниш учун 88 нафар осойишталик посбонига ёрдам пули берилди. Шунингдек, 50 нафар ходимга уй олиши учун турар жой нархининг бошланғич 25 фоиз қисми тўлаб берилди. Имтиёз асосида уй-жой билан таъминлаш учун 203 нафар ходимга хонадонлар ажратилди.
Давлатимизнинг юксак мукофотига лойиқ кўрилган фидойи осойишталик посбонлари ҳам бор. 3 нафари «Содиқ хизматлари учун медали, бир нафари «Дўстлик» ордени билан тақдирланди. 304 нафар ходим ИИВ ва бошқа вазирликларнинг идоравий мукофотлари, 4040 нафари ИИББ бошлиғининг буйруғи билан рағбатлантирилган.
– Олиб борилаётган ишларнинг янада самарали бўлиши учун истиқболда қандай ишлар режалаштирилаяпти?
– Албатта, юқорида айтиб ўтилган барча ишларимиз билан ҳаммаси жойида дейишга ҳақимиз йўқ. Биз Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш хизмати ходимлари билан изланишда давом этмоқдамиз. Хусусан, келгусида «ходимбай» ишлаш тизимига янгича ахборот технологияларини жорий этмоқчимиз. Бундан кутилаётган натижа шундан иборатки, ҳисобот ҳужжатлари автоматик тарзда юритилади ва энг муҳими вақт тежалади. Ҳужжатлар юзаки бўлишининг олди олинади ва ёлғон маълумотлар киритилмаслиги таъминланади. Аниқланган ҳар бир интизом бузилиш ҳолатлари жойида қайд этилади.
Шунингдек, хизмат интизомини мустаҳкамлашда корпоратив рағбатлантириш ва жазолаш амалиётини жорий этишни мақсад қилганмиз. Яъни, қонун бузилиши содир этилганда ёки хизмат интизоми бузилиш ҳолатлари ошганда, ходимнинг айби билан йўл-транспорт ҳодисаси содир этилганида – ходимга бевосита раҳбарлик қилувчи бошқарма, яъни туман ИИОФМБ, бўлим ва бўлинма ҳамда соҳавий хизматлар жамоавий рағбатлантиришга тавсия этилмайди. Аксинча, ижобий натижаларга эришилганида ёки жамоада хизмат интизоми камайганда ва давлат мукофоти олганда ҳамда бошқа ижобий ютуқларга эришилганда жамоавий рағбатлантирилади. Бундан кутилаётган натижа – ҳамкасбининг салбий хатти-ҳаракатларига жамоавий курашиш амалиёти шаклланади, пул маблағлари тежалади ва бошқа кўрсаткичи юқори бўлган ички ишлар органларига йўналтирилади, коррупциявий жиноятлар содир этилиши босқичма-босқич камаяди.
Бундан ташқари, хавф гуруҳига мансуб, китоб ўқимаган, ортиқча вазнга эга ходимлар билан махсус ўқув курслари ўтказиш, навбатдаги махсус унвон олиш учун ўқув йиғинлари иштироки кучайтирилиши, соҳавий хизматлар (ҲПБ)нинг махсус ўқув курсларини ташкил этиш жадаллаштирилиши назарда тутилмоқда. Шунингдек, ИИО ходимларининг зиддиятли вазиятлардаги хатти-ҳаракатлари мавзусида видеодарслик тайёрлашни ҳам режалаштирганмиз.
«Postda» мухбири Сарвар Собиров суҳбатлашди.