Ёшлар бежизга ниҳолга қиёсланмайди. Улар ҳам ниҳол каби қаерга бурсанг ўша томонга эгилиб ўсади. Ёшларни фойдали машғулотларга жалб қилиш, тўғри йўл кўрсатиш, онгу шуурини тўғри шакллантириш, юртимизнинг комил инсонлари қилиб тарбиялаш ишларига муҳим аҳамият берилиши ҳам шундан. Бу йўналишда пойтахт ИИББ ҳудудий тузилмалари томонидан қатор ижобий ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Бектемир тумани ИИО ФМБ бошлиғи подполковник Улуғбек Агзамхўжаев томонидан И.М.Губкин номидаги академик лицейда “Раҳбар ва ёшлар” доирасида навбатдаги учрашув ўтказилди. Лицей маъмурияти ва ўқувчилари билан очиқ мулоқот шаклида ўтказилган учрашувда маърузачи гиёҳвандлик, психотроп, ўткир таъсир қилувчи дори воситаларининг ёшлар ўртасида тарқалиши, истеъмоли, оғир оқибатлари, бундай иллатларга қарши кураш, ижтимоий тармоқлардаги кибертаҳдидлар, рақамли фирибгарликларга оид мавзуларни атрофлича ёритди. Шунингдек, жиноятларга қарши кураш, шахсий маълумотларни муҳофаза қилиш, кибермаконда юзага келаётган хавф-хатарларга қарши иммунитет ҳосил қилиш, замонавий ва самарали ечимлари бўйича тавсиялар берди.
Аудитория эътиборига гиёҳвандлик, психотроп ва ўткир таъсир қилувчи дори воситаларининг тарқалиши, истеъмолининг аянчли оқибатлари ҳақида тайёрланган видеороликлар намойиш этилди. Учрашув якунида маърузачи ёшларнинг кўплаб саволларига жавоб бериш билан бирга бу борадаги ёшларнинг фикрларини ҳам тинглади.