Юртимизнинг энг улуғ ва энг азиз байрами – Мустақиллик айёмининг 34 йиллиги барча шаҳару туманларда катта шодиёна ва тантана билан нишонланади. Пойтахтимизнинг 12 та туманида ҳам ушбу айёмни кўтаринки руҳда ўтказиш мақсадида сайлгоҳлар ўз фаолиятини олиб боради. Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи полковник Равшан Султанходжаев, шаҳар прокурорининг биринчи ўринбосари полковник Анвар Ўрмонов, Тошкент шаҳар Миллий гвардия бошқармаси бошлиғи полковник Анвар Ортиқов, ФВБ бошлиғи полковник Мухтор Мухиддинов бошчилигидаги ишчи гуруҳ жойларда байрамга тайёргарлик жараёнларини ўрганди.
Дастлабки манзил Сергели туманида ташкил этилган куну тун фаолият юритадиган гастрономик, савдо ва хизмат кўрсатишга ихтисослашган туризм кўчаси бўлди. 30 август куни мазкур кўчанинг очилиш маросими ўтказилади. Шу муносабат билан Рок ва Мангал фестивали ўтказилиши режалаштирилган. Сергели тумани ҳокими ва бошқа мутасадди раҳбарлар томонидан ушбу туризм кўчасида аҳоли ҳамда тадбиркорлар учун яратилган қулайликлар, хавфсизлик чоралари, ўрнатилган кузатув камералари ва ташвиш тугмалари, очилиш маросимига тайёргарлик ҳақида батафсил маълумот берилди.
Шундан сўнг ишчи гуруҳ пойтахтимиз туманларидаги сайлгоҳларда ўрганишни давом эттирди. Байрам шодиёнаси нишонланадиган ҳудудларда ИИО, Миллий гвардия, ФВВ ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари жалб қилинган бўлиб, барчасининг хизматга шайлиги кўздан кечирилди. Объектларда хавфсизлик чоралари кучайтирилганлиги, кузатув камералари созлиги текширилди.
Ўрганишлар якуни бўйича ишчи гуруҳ томонидан объект масъулларига ва бошқа мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берилди.