30 Ноябр 2024 йил 1070

Аввалида мезбон, кейин зўравон

       Анчадан бери учрашмаган икки дўст учрашиб қолса суҳбат оила, уй-рўзғор, иш, эски таниш-билишлар, яна кўплаб ҳаёт икир-чикирлари ҳақида кетади. Мурод ҳам Зафарни учратганидан хурсанд бўлиб, ҳол-аҳвол сўрашдан бошлади. Қаҳвахонага кириб учрашувни бир шиша ароқ билан “ювишди”. Тиллар ечилиб, суҳбат қизигандан қизиди. Мурод янги уйга кўчганини айтиб, қўярда-қўймай уйига таклиф қилди. Йўл-йўлакай янги хонадонни “ювиш” учун спиртли ичимлик харид қилди. Зафар уйингнинг кўрманасига деб, яна бир шиша ароқ ва егуликлар сотиб олди. Муроднинг уйида гурунг давом этди, Шишалар очилди. Муроднинг турмуш ўртоғи дарров ошга уннади. Шу орада бирга ўтириб қадаҳ ҳам кўтарди. Орадан анча вақт ўтиб Зафар ўзини эркин қўйиб, мастлиги оқибатида уй бекасига гап ота бошлади. Бу Муродга ёқмади. Аммо Зафар жиловни қўлдан бой берганди. Ўртада жанжал чиқди. Кайфи тароқ бўлган Мурод ҳам жаҳл отига миниб, столда турган ошхона пичоғини олиб меҳмоннинг қорнига санчди. Зафарнинг инграганча букчайиб, шариллаб оқаётган қонни қўли билан тўхтатишга уринаётганини кўргандагина ҳушига келди. Аммо кеч бўлганди. 

       – Ичкилик ҳеч қачон яхшиликка олиб келмайди, – дейди Мирзо Улуғбек тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими катта терговчиси, катта лейтенант Матчонбой Худайбердиев. – Ҳар иккиси қирқ ёшдан ошган бу танишлар ичиш меъёрларини билмади, меҳмон-мезбон одобига риоя қилмади. Қуюшқондан чиққач, оқибати – бирига ҳаёти учун оғир тан жароҳати етказиш билан, бирига озодликдан маҳрум қилиниш билан тугади. Бундан бу ёғига учрашиш тугул бир-бирини кўришдан хурсанд бўлишмаса керак, ҳойнаҳой.

         Жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман суди жорий йилнинг март ойида очиқ суд мажлисида Муроднинг қилмишини қонунан кўриб чиқди. У Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 104-моддаси 2-қисми “л” банди (“Қасддан баданга оғир шикаст етказиш”) билан айбли деб топилди. Муроднинг оиланинг ягона боқувчиси эканлиги, қилмишидан пушаймонлиги, жабрланувчининг даъвоси йўқлиги инобатга олиниб, Жиноят кодексининг 57-моддаси қўлланиб, 2 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Барча янгиликлар

Text to speech