22 Ноябр 2025 йил 273

Аср вабосига қарши биргаликда курашамиз

Гиёҳвандлик – аср вабоси, деб бежизга айтилмайди. Унинг нафақат инсон умри, саломатлиги ва турмушига балки жамиятга, бутун бир мамлакатга зарари – катта офатдир. Бу иллатга қарши курашишда профилактик огоҳлантирув, тарғибот ишларига алоҳида урғу берилмоқда. Тошкент Ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислиги Институтида, Геология фанлари Университетида, шунингдек INXA Университетида Мирзо Улуғбек тумани ИИО ФМБ раҳбарияти ҳамда Ўзбекистон Республикаси ИИВ Академияси магистратура тингловчилари томонидан талабалар иштирокида “Хавфсиз ва соғлом юрт” ойлиги доирасида гиёҳвандлик ва унинг салбий оқибатларига бағишланган профилактик учрашувлар бўлиб ўтди. Учрашувдан кўзланган асосий мақсад: жорий йилнинг 3 ноябрида Президентимиз томонидан имзоланган “Аҳоли саломатлиги ва миллат генофондини гиёҳвандлик ва наркожиноятлардан самарали ҳимоя қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонининг мазмун-моҳиятини ёшларга етказиш, ёшлар соғлиғи ҳамда миллат генофондини самарали ҳимоя қилиш бўйича белгиланган вазифаларни амалга оширишдан иборатдир. Таъкидлаш жоизки, учрашувлар очиқ мулоқот шаклида ташкил этилиб, уларда соҳа масъуллари ва мутахассислар ҳам иштирок этишди. Мутасаддилар ўз маърузаларида аҳоли саломатлиги ва миллат генофондига жиддий таҳдид солаётган гиёҳвандлик ва психотроп воситалари, кучли таъсир қилувчи моддаларнинг ноқонуний айланмаси, ижтимоий тармоқлар орқали ёшларни турли йўллар билан унинг тарқатилиши ва олди-сотдисига жалб қилиш ҳолатлари, ёшлар ўртасида содир этилаётган наркожиноятлар ҳақида аниқ ҳаётий мисоллар, далиллар ёрдамида тушунтиришлар берилди. Шунингдек, гиёҳвандлик билан боғлиқ жиноятларга қонунчилигимизда белгиланган жазолар, мазкур Фармон негизида жавобгарликнинг янада кучайтирилиши ҳақидаги маълумотларни тақдим этишди. Талабалар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, гиёҳвандликка қарши кураш бўйича масъулият ҳамда ҳушёрликни ошириш, бу иллатлардан ҳимояланиш чоралари ҳақида тавсияларга эътиборни қаратдилар. Шу билан бирга талабаларнинг мавзу бўйича фикр-мулоҳазалари тингланиб, уларнинг саволларига жавоблар берилди.

Барча янгиликлар

Text to speech