18 Апрел 2025 йил 983

Қарор ижроси маҳаллалар кесимида ўрганилмоқда

Маҳаллаларда тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш мақсадида пойтахтнинг Янгиҳаёт туманидаги маҳаллалар ҳам бирма-бир ўрганилиб, аниқланаётган камчиликларни бартараф этиш юзасидан манзилли ишлар амалга ошириб келинмоқда.
Туманда жойлашган “Чортоқ” маҳалла фуқаролар йиғини 2004 йилда ташкил топган. Маҳалла ҳудудида истиқомат қилаётган 2 225 та оилаларда 5 184 нафар фуқаро тинч-тотув умргузаронлик қилиб келмоқда. Шулардан 967 нафари ёшлар. Пробация ҳисобида турувчи 10 нафар шахс билан соҳа ходимлари мунтазам равишда профилактик суҳбатлар ўтказиб, муаммо ва мурожаатларини ўраниб, маҳалла еттилиги ҳамда масъуллар ҳамкорлигида ҳал қилиш чораларини кўрмоқда. Ишсизлар рўйхатига олинган 45 кишидан 5 нафарига кредит ажратилган бўлса, қолганларига иш ўринлари таклиф қилинмоқда. 80 дан ортиқ оилаларга ижтимоий, 4 оилага моддий ёрдам кўрсатилди. Куни кеча туман ИИО ФМБ бошлиғи ҳамда туман прокурори мазкур маҳалла еттилиги, маҳалла фаоллари ва аҳли, тегишли масъуллари билан учрашуви ўтказди. Учрашувда жорий йилнинг январида Президентимиз томонидан қабул қилинган маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар бўйича қарорининг мазмун-моҳиятига урғу берилди. Ушбу қарор ижросини таъминлаш мақсадида “йўл харитаси” доирасида олиб борилаётган ишлар билан танишиб, амалга оширилган ишлар самарадорлиги баҳоланди. Таъкидлаш лозимки, қарор ижросини таъминлаш бўйича юқоридаги ишлар қаторида маҳалла еттилиги ва мутасддилар ҳамкорлигида 5 нафар низоли оилалар яраштирилган, маҳалла ҳудудига 82 та кузатув камералари, нотинч хонадонларга 16 та ташвиш тугмаси ўрнатилган. Маҳалла ҳудудини ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштиришга ҳам катта эътибор берилган. “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида мингдан ортиқ манзарали ҳамда 925 дона мевали дарахтлар экилган.
Худди шу каби туманнинг “Йўлдош” маҳалла фуқаролар йиғини масъуллари томонидан қарор ижросини таъминлаш борасида олиб борилаётган ишлар ҳам ўрганилди. Маҳалла тарихий маҳаллалардан бири бўлиб, 1966 йилда ташкил топган. Ушбу масканда 2 144 оилада 7 109 нафар фуқаролар яшайди. Улардан 677 нафари ёшлар. Пробация рўйхатида 30 дан ортиқ шахслар мавжуд. Ишсизлар рўйхатида турувчи 34 фуқаронинг 10 нафарига кредит ажратилган бўлса, қолганларига иш ўринлари таклиф қилинган. 120 оилага ижтимоий, 14 тасига моддий ёрдам кўрсатилди. Ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш мақсадида, маҳалла ҳудудига 120 та кузатув камералари, кўп қаватли уйларнинг йўлаклари ва нотинч хонадонларга 20 та ташвиш тугмаси ўрнатилган. Маҳалла еттилиги ҳамкорлигида низоли оилаларнинг 4 таси яраштирилди. Шунингдек, маҳалла ҳудудини обод ва сўлим гўшага айлантириш борасида 950 дона манзарали ва 800 дона мевали дарахтлар экилди.
Юқоридаги маҳаллаларни ўрганишлар якунида қарор ижросини таъминлаш бўйича йўл қўйилаётган айрим камчиликлар ҳам кўрсатиб ўтилиб, қарор ижроси юзасидан маҳалла еттилиги ҳамда масъулларга тегишли топшириқлар берилди, шунингдек, ҳар бир белгиланган тадбирларга масъуллар бириктирилиб, ижроси қатъий назоратга олинди.

Барча янгиликлар

Text to speech