Анвар Сайфутдинов профилактика инспекторлари билан жамоат хавфсизлиги масалаларини муҳокама қилди
Миробод тумани Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўлими катта фаоллар залида жамоат хавфсизлигини таъминлаш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган учрашув бўлиб ўтди. Унда туман ҳокими Анвар Сайфутдинов, туман ИИО ФМБ бошлиғи Отабек Хаджаев, профилактика инспекторлари иштирок этди.
Учрашувда аҳоли тинчлиги ва хавфсизлигини таъминлашда профилактика инспекторлари фаолиятининг ўрни беқиёс экани алоҳида таъкидланди.
Шунингдек, маҳаллаларни обод ва хавфсиз ҳудудга айлантиришда уларнинг “маҳалла еттилиги” билан ҳамкорликда амалга ошираётган иши самарали натижалар бераётгани қайд этилди.
Бу каби тизимли ёндашувлар ўз натижасини бераётгани 2025-йилнинг биринчи беш ойи якунидаги таҳлилларда ҳам яққол намоён бўлди. Хусусан, тумандаги 39 та маҳалланинг 32 тасида — яъни 82,1 фоизида жиноятлар сони камайган. Қолаверса, 3 та маҳаллада (7,7%) умуман жиноят содир этилишига йўл қўйилмагани ҳуқуқни муҳофаза қилиш соҳасидаги ижобий ўзгаришларнинг яққол тасдиғидир.
Тадбир давомида очиқ мулоқот ташкил этилиб, профилактика инспекторлари ўз хизмат фаолиятида дуч келаётган муаммо ва таклифларини баён этишди. Уларни ҳал этиш бўйича аниқ вазифалар белгиланди.
Тадбир якунида хизмат бурчини виждонан адо этаётган, жиноятчиликка йўл қўймаган ҳамда фаолияти билан бошқаларга намуна бўлаётган бир гуруҳ профилактика инспекторлари туман ҳокимининг фахрий ёрлиғи ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Мазкур учрашув профилактика хизматини янада такомиллаштириш, маҳаллаларда барқарор жамоат тартибини таъминлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.