Фахриддин спортга ўзгача иштиёқ ва катта қизиқиш билан ёндашувчи оилада вояга етди. Мактабни битирмай туриб, 17 ёшида самбо бўйича республика миқёсида ўтказилган, 18 ёшида Осиё чемпионатидаги мусобақаларда фахрли 1-ўринларни эгаллаб ғалаба шоҳсупаларига кўтарилганди. Спортда қатор-қатор муваффақиятларга эришган Фахриддин Тошкент давлат юридик институтини тамомлагач, Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБда катта инспектор лавозимида иш бошлади. Сўнг Юнусобод тумани ИИО ФМБ Тергов бўлимида терговчи лавозимида ишини давом эттирди. Ҳозирда капитан унвонида хизмат қилиб келаётган Фахриддин айни дамгача ҳам спорт билан шуғулланишни бир он бўлса-да тарк этмади. Турли мусобақаларда қатнашиб, ички ишлар органлари шарафини муносиб ҳимоя қилиб, кўплаб зафарларни қучиб келмоқда. Йирик спорт мусобақаларида рақибларига имкон бермай, медаллар шодасига янги-янги ғолиблик нишонларини қўшиб, ифтихоримизга ифтихор қўшмоқда. Куни кеча Франция пойтахти Париж шаҳрида дунёнинг 66 мамлакатидан келган, 2 366 нафар дзюдочилар ўртасида бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида қатнашиб, 100 кг вазн тоифасида фахрли учинчи ўринни эгаллаб, бронза медали соҳибига айланди. Капитан Фахриддин Шариповни яна бир ғалаба билан муборакбод этиб, хизмат соҳаси ҳамда спорт фаолиятида юксак муваффақиятлар тилаб қоламиз.