Пойтахтимизнинг Шайхонтоҳур туманида жойлашган “Жангоҳ” маҳалла фуқаролар йиғинида ўтказилган сайёр қабул туман ҳокимлиги, туман ИИО ФМБ раҳбарияти, мутасаддилар иштирокида бўлиб ўтди. Унда кўплаб маҳалла фуқаролари ўз муаммоларини ҳал этиш, ўйлантираётган саволларига жавоблар топиш мақсадида ташриф буюрдилар. Улардан ўндан ортиғини шахсан туман ИИО ФМБ бошлиғи қабул қилиб, мурожаатларини тинглади. Мурожаатларнинг 3 таси шу жойнинг ўзида ижобий ҳал этилди. 4 таси бўйича малакали ҳуқуқий маслаҳатлар берилди. 5 тасини ўрганиб ижобий ҳал қилиш бўйича мутасадди ташкилот раҳбарларига тегишли топшириқлар берилиб, ижроси назоратга олинди. Мазкур саволларнинг асосини коммунал хизматлар, маҳалла йўлларига тегишли йўл белгиларини ўрнатиш, автобус қатновларини яхшилаш, маҳалла кўчаларини ободонлаштириш, кечки вақтларда жамоат тартибини сақлаш, жазони енгилроқ турига алмаштириш, паспортни янгилаш, қўриқлов пультига уланиш каби масалалар ташкил этди. Бу каби пойтахт аҳолисининг мушкулини осон қилиш, саволларига жавоб бериш, обод маҳаллаларни яратишга қаратилган ишлар пойтахтнинг барча туман маҳаллаларида давом эттирилмоқда.