Пойтахтимизнинг Яккасарой тумани ИИО ФМБ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимида ҳар куни юзлаб фуқаролар қабул қилинади. Кимдир янги ID-карта олиш учун, кимдир йўқотган паспортини қайта тиклаш ёки рўйхатга қўйиш масаласида мурожаат қилади.
Шундай мурожаатлардан бири Дилнура Мўминова томонидан бўлди. У доимий рўйхатга қўйиш масаласида келган экан. Текшириб кўрилганда, техник сабабларга кўра, унинг маълумотлари тизимдан ўчиб кетгани маълум бўлади. Бу муаммо қисқа фурсат ичида ҳал этилиб, фуқарога зарур ҳужжатлар расмийлаштириб берилади. Ходимларнинг хушмуомалалик билан тез фурсатларда ишини ижобий ҳал қилиб берганидан мамнуният туйган фуқаро уларга чин дилдан миннатдорлик билдиради.
– Ҳар бир инсон учун паспорт – шахсий дахлсизлик ва ҳуқуқ кафолатидир, – дейди ИИО ФМБ М ва ФРБ бошлиғи, подполковник Санжар Қосимов. – Ходимларимиз саъй-ҳаракатлари натижасида жорий йилнинг ўтган 9 ойи давомида 8669 та ИД-карта расмийлаштирилган. Хорижга чиқиш паспортлари бўйича 6000 дан зиёд ариза қабул қилинган. Шундан 5500 нафар фуқаро ўз вақтида паспортларини қўлга киритган. Шунингдек, йўқолган ҳужжатларни тиклаш масаласида мурожаат қилган 944 нафар фуқарога ҳужжатлар қайта тиклаб берилган.
Кичик сержантлар – Адҳам Баҳодиров, Суннатилла Нормуҳаммедов, сафдорлар – Миржахон Ўктамбоев ва Акбарали Абдурасуловнинг саъй-ҳаракатлари ҳар бир фуқарога инсонпарварлик, қонунийлик ва шаффофлик асосида хизмат кўрсатишга қаратилган. Улар учун энг асосийси – фуқароларнинг розилиги ва ишончидир. Зеро, фуқаролар ишончи – хизмат сифатидан бошланади.