Пойтахтимизнинг Олмазор туманида жойлашган Инновация маркази биносида Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғининг навбатдаги сайёр қабули бўлиб ўтди. Олмазор ва Шайхонтоҳур туманлари аҳолиси учун ташкиллаштирилган мазкур қабулда фуқаролар ўз муаммолари ва масалаларига ҳуқуқий жавоб олиш, ортиқча югур-югурсиз мурожаатларига ечим топиш мақсадида ИИББ раҳбариятига юзланишди. Пойтахт ИИББ бошлиғи, полковник Равшан Султанходжаев ҳар бир фуқаронинг мурожаатларини тинглар экан, имкон қадар уларни ижобий ҳал этиш, ҳар бир муаммога ечим топишга ҳаракат қилди.
Қабул жараёнида жисмоний ва юридик шахслардан элликдан ортиқ мурожаат келиб тушди. Улардан 18 таси жойида ижобий ҳал этилган бўлса, 16 таси бўйича малакали ҳуқуқий маслаҳат ва тавсиялар берилди. Қўшимча ўрганиш талаб этиладиган мурожаатларнинг ижро муддатлари белгиланиб, назоратга олинди.
Қабулда Олмазор ва Шайхонтоҳур туманлари ИИО ФМБ пробация хизмати ҳисобида турган 9 нафар фуқаролар Жиноят кодексининг 73-моддасига асосан жазони ўташдан муддатидан илгари шартли равишда озод қилинди.
Қабулдан сўнг бош бошқарма бошлиғи ҳамда бошқа масъуллар Олмазор туманидаги ички ишлар органларига қарашли спорт мажмуаси ва стадион билан танишдилар. Спорт иншооти келгусида ИИО ходимларининг жисмоний тайёргарликларини ошириш, спорт билан шуғулланишлари учун яхши имконият эканлиги таъкидлаб ўтилди.
Аҳоли мурожаатлари ва фуқароларнинг ижтимоий муаммоларини ўрганиш ҳамда уларга яқиндан ёрдам бериш мақсадида ўтказилаётган бу каби тадбирлар бош бошқарма томонидан давом эттирилмоқда.