Ўсмир нега жиноятга қўл уради? Бунга унинг ота-онаси, таълим муассасаси, маҳалла лоқайд муносабатда бўлмоқдами? Олиб борилган ўрганишлар натижасида вояга етмаганлар ўртасида жиноятнинг содир бўлишига, биринчидан, ўспириннинг ўзи, унинг дунёқараши, қизиқишлари, жамият ва давлатга, ён-атрофидаги кишилар ва оилага муносабати, унда салбий хусусиятларнинг шаклланиши ва кучайиши омил бўлса, иккинчидан, у тарбияланган, вояга етган оилавий ва ижтимоий муҳит катта сабаб бўлар экан. Сергели туманида давлат органлари, нодавлат ташкилотлар, уюшмалар ва бошқалар билан ўзаро ҳамкорликда аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, кенг кўламли профилактик тадбирлар амалга оширилмоқда. Ўқувчиларнинг дарсга мунтазам қатнашиши назоратга олиниб, бўш вақтини мазмунли ўтказишига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Вояга етмаганлар томонидан содир этилган ҳар бир ҳуқуқбузарлик ва жиноят чуқур таҳлил қилиниб, масъул раҳбарлар, ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларга нисбатан тегишли чоралар кўрилмоқда. – Мамлакатимизда ёшларнинг ҳар томонлама баркамол бўлиб улғайиши учун барча шароит ва имкониятлар яратилган, – дейди «Ифтихор» МФЙ раиси Акмал Салимов. – Ёшлар жиноятчилигининг олдини олишда таълим муассасалари ва ички ишлар органлари ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш ва масъулиятни ошириш муҳим вазифадир. Ўқувчиларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш бўйича аниқ чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш, ёшлар бандлигини таъминлаш бу борада алоҳида аҳамият касб этади. Шу мақсад маҳалла ва таълим масканларида ёшлар иштирокида турли тадбирлар, учрашувлар ташкил этилмоқда. Бироқ бугунги кунда вояга етмаганлар ва ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг ортиб бораётгани ота-оналарнинг фарзанд тарбиясига эътиборсизлигини кўрсатмоқда. Ёшлар ўртасида итоатсизлик, ота-онага қулоқ солмаслик иллати шаклланиб бормоқда. Ота-онанинг ва таълим муассасаларидаги ўқитувчиларнинг топшириғини бажармаслиги, ҳатто уларга нисбатан куч ишлатганлиги ҳолатлари ҳам учраётгани ғоят ачинарлидир. Фарзандни ёшлигидан қандай тарбияласак, шундай вояга етади. Бунда, албатта, оила, маҳалла, жамиятдаги муҳит муҳим аҳамиятга эга. Ўзи, оиласи, халқи, маънавий илдизлари ҳақида етарли тушунчага эга бўлган бола ҳеч қачон ҳуқуқбузарлик кўчасига кирмайди. Бунга эришиш учун жамиятнинг ҳар бир аъзоси, ҳар биримиз зиммамиздаги масъулиятни чуқур ҳис этишимиз, бурчимизни сидқидилдан бажаришимиз лозим. Шаҳноза ЗАРИПОВА, Сергели тумани ИИОФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими терговчиси, капитан.