18 Феврал 2023 йил 1234

Тошкент шаҳар ИИББ экспертлари гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ жиноятларни фош этишда иштирок этмоқдалар

Жорий йилнинг 12 февраль куни Сергели тумани ИИО ФМБ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор-тадбир давомида 29 ёшли А.А. тўхтатилиб, холислар иштирокида текширилганда, унинг ёнида 50 дона пакетларга қадоқланган моддалар аниқланиб, расмийлаштириб олинган.

Бундан ташқари, шу куни тезкор тадбир давом эттирилиб, А.А. истиқомат қилувчи уй кўздан кечирилганда, телеграм канал орқали сотиб олинган, кейинчалик Тошкент шаҳрининг турли ҳудудларига жойлаштириб, ижтимоий тармоқдаги геолокация тизимини белгилаб, шу тариқа сотиш мақсадида сақлаб келган, полиэтилен пакетга ўралган, ўткир ҳидли, кукунсимон моддалар, тарози ва қадоқлашда фойдаланилган металл қошиқ ҳам расмийлаштириб олинган.

Тошкент шаҳар ИИББ ЭКМ томонидан берилган хулосага кўра, А.А. дан расмийлаштириб олинган моддалар героин эканлиги аниқланган. Унинг оғирлиги 161,02 граммга тенг бўлиб, расмийлаштириб олинган тарозида ва металл қошиқда ҳам мазкур модда излари борлиги маълум бўлди.

Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 273-моддаси (“Гиёвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш”) билан жиноят иши қўзғатилган.

Барча янгиликлар

Text to speech