Пойтахт аҳолисининг хавфсизлигини таъминлаш, содир этилиши мумкин бўлган жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари томонидан тунги рейдлар мунтазам равишда ўтказиб келинмоқда. Айниқса, байрам кунларида бу тадбирлар янада кучайтирилган ҳолатда ташкил этилди. Тошкент шаҳар ИИББ ППХ бригадасида кечки соат 8.00да осойишталик посбонлари навбатдаги йиғинга жам бўлишди. Хизматолди йўриқномасида раҳбарият томонидан тегишли кўрсатмаларни олган «Ҳамкор», ЙПХ маскани, блок-пост ҳамда тўсиқ постларига хизматга жалб қилинган ходимлар ўзларига бириктирилган ҳудудлар томон йўл олишди.
«ОҒУ» ПОЙТАХТ «ДАРВОЗА»СИДА УШЛАНДИ Биз ҳам ППХ экипажи ҳамроҳлигида Янгиҳаёт туманида жойлашган «А.Турбанов» ЙПХ маскани томон йўлга тушдик. Тунги хизматга жалб этилган ходимлар аллақачон ўз вазифаларига киришган. Транспорт воситаларининг оқими катта. Тахминан соат 9.30лар эди. Маскандан ўтаётган «Жентра» русумли автоулов шубҳа остига олиниб тўхтатилди. Ҳужжатлари текширилаётганида, ўзини бежо тута бошлаган йўловчи П. Ш. ходимлар томонидан текширилди. Шунда П. Ш.нинг курткаси чўнтагида қора целлофанга ўралган ўткир ҳидли тўқ жигарранг сақичсимон гиёҳвандлик моддаси борлиги аниқланди. Ҳолат юзасидан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, гумон қилинувчи Янгиҳаёт тумани ИИОФМБга топширилди. Яна бир «Чанган» русумли автоулов ИИББ ЙҲХБ ЙПХ бригадаси 5-батальон «А. Турбанов» ЙПХ маскани инспектори, катта сержант Сардор Бегматов томонидан тўхтатилди. ИИББ ППХ бригадаси «А. Турбанов» ЙПХ маскани ходимлари, кичик сержант Илёр Мирганов ва Самандар Худойназаров автомашина салонини текшираётганида, инсон ҳаёти ва соғлиғи учун хавф туғдирадиган 4 дона ўткир тиғли совуқ қурол борлиги маълум бўлди. Орадан бироз вақт ўтиб, Чилонзор туманида жойлашган «Эркин» ЙПХ маскани томон йўл олдик. Бу пайтда соат миллари 10.30 ларни кўрсатарди. Маскандан ўтаётган «Малибу» ходимларда шубҳа уйғотди. Автоулов тўхтатилиб текширилганда, йўловчи 1994 йилда таваллуд топган самарқандлик М.Ю.нинг ёнидан гиёҳвандлик моддаси чиқди. ИИББ ЭКМнинг хулосасига кўра, у 3,58 грамм оғирликдаги «марихуана» гиёҳвандлик моддаси эканлиги аниқланди.
КАТТА МИҚДОРДАГИ ПИРОТЕХНИКА Кейинги манзилимиз Бектемир туманидаги «Шарқ» ЙПХ маскани. Тун ярмидан ўтган бўлса-да, ходимлар бедор туриб, шаҳримиз «дарвозаси»ни ҳушёрлик билан қўриқлашмоқда. ЙПХ масканида «Исузу» русумли юк автомашинаси тўхтатилди. Юкхонадаги 3 та қутида жами 506 дона пиротехника воситалари олиб кетилаётганлиги аниқланди. Шунингдек, Янгиҳаёт туманидаги «Бинокор» блок постига борганимизда, ходимлардан «Нексия-3» автоуловидан 144 дона «Британик» ҳамда 54 дона «Золотой песок» номли пиротехника воситалари борлиги тўғрисида маълумот олдик. Охири нима билан тугашини ўйламаган, мўмай даромад илинжида бўлган бу кимсалар қилмиши учун энди қонун олдида жавоб беришига тўғри келади.