Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси бошлиғи, полковник Равшан Султанходжаевнинг Мустақиллик айёми муносабати билан байрам табриги
Ҳурматли пойтахтимиз аҳолиси ва меҳмонлари, ҳамкасблар, ички ишлар органлари фахрийлари, хизмат бурчини адо этиш вақтида қаҳрамонларча ҳалок бўлган ходимларнинг яқин қариндошлари!
Сизларни Тошкент шаҳар ИИББ шахсий таркиби ва ўз номимдан энг буюк, энг азиз байрамимиз бўлган Мустақиллигимизнинг 34 йиллик айёми билан самимий муборакбод этаман.
Мустақиллик — халқимизнинг асрий орзуси, буюк тарихий ютуғи. Бу ютуқ юртимизнинг эркинлиги, равнақи ва халқимизнинг бахтли ҳаётини таъминлаш йўлидаги катта қадамлар билан боғлиқдир.
Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан бу йилги айёмимиз “Ватан учун, миллат учун, халқ учун!” ғояси асосида нишонланаётгани бежиз эмас. Зеро, бу юртнинг ҳар бир фуқароси ўз ҳаётини мана шу Ватан билан боғлайди, миллати ва халқи учун садоқат билан хизмат қилишни шараф деб билади. Буни эришаётган ютуқларимизда, жаҳон ареналарида баралла хилпираётган байроғимизда, кўзимизда қувонч ёши ила куйлаётган мадҳиямизда, эртанги кунимиз бўлган фарзандларимизнинг ишончли нигоҳларида кўришимиз мумкин.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда барча жабҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотлар, тараққиёт ва янгиланишлар мустақилликнинг нақадар бебаҳо неъмат эканини янада чуқур англаб етишимизга ёрдам бермоқда. Биз барчамиз биргаликда бугунги ва келажак авлодлар учун буюк ишларга қодир эканимизни исботлаб келяпмиз.
Сиз азизларга мустаҳкам соғлиқ, дастурхонингизга қут ва барака, хонадонингизга тинчлик-хотиржамлик, юрт тараққиёти йўлидаги ишларингизга омад ва муваффақиятлар тилайман. Мустақиллигимиз абадий, юртимиз тинч ва осойишта бўлсин!
Ҳурмат билан, Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи полковник Равшан Султанходжаев