2 Июл 2023 йил 1350

Жиноятчиларнинг йўқотадиган нарсаси йўқ эди ...

2002 йилнинг 4 март куни ярим тунда Тошкент шаҳрининг Яшнобод (аввалги Хамза) тумани ҳудудида 2 нафар номаълум шахс “Nexia” русумли автомашинани тўхтатиб, ҳайдовчидан уларни Сергели туманига олиб боришни сўрашган. Йўлкира ҳақини келишиб, йўловчилар орқа ўриндиқларга жойлашадилар. Улар манзилга етиб келишганда йўловчилардан бири тўсатдан ҳайдовчига ҳужум қилиб, уни бўға бошлайди. Иккинчиси эса пичоқ билан таҳдид қилиб, ҳайдовчидан пул ва қимматбаҳо буюмларини олиб қўяди. Улар ҳайдовчини яралаб, воқеа жойидан қочиб кетишади.

Бироз вақт ўтгач, жабрланувчи ўзига келиб, энг яқин бўлган ЙПХ масканига боради. Пойтахтимизнинг Сергели туманидаги «Полевая» масканига келиб (бугунги кунда бу пост мавжуд эмас) содир бўлган воқеани тушунтиради ҳамда ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларидан ёрдам сўрайди. Шу куни Тошкент шаҳар ИИББ Патруль-пост хизмати бригадаси 4-батальон 2-отряд ходими кичик сержант Азамат Болтабоев ҳамда ЙҲХБ кичик инспектор-кинологи катта сержант Қидирбек Нишоновлар навбатчиликда эдилар. Улар дарҳол такси ҳайдовчиси кўрсатган жойга шошилишди. Қидирбек Нишонов хизмат ити ёрдамида жиноятчиларни излай бошлади. Бироз вақт ўтгач, улар жиноятчилар яширинган ташландиқ жойни топадилар. Бироқ жиноятчилардан бири Қидирбекнинг орқасидан келиб унга пичоқ билан ҳужум қилади. Кураш шовқинини эшитган Азамат хизматдошига ёрдам бериш учун шошилади. У яраланган дўстига яқинлашган заҳоти иккинчи жиноятчи унга ҳам пичоқ билан ташланади.
Такси ҳайдовчисига ҳужум қилган 2 жиноятчининг йўқотадиган ҳеч нарсаси йўқ эди: муқаддам судланган ушбу шахслар яна қамоққа тушишни истамаган ва ҳар қандай ҳолатда ҳам жазодан қочишга қарор қилишган ҳолда, ички ишлар ходимларига фаол қаршилик кўрсатишган. Жиноятчилар шу кечанинг ўзида ушландилар.

Нишонов ва Болтабоевга ёрдам бериш учун келган ҳамкасблари уларни зудлик билан касалхонага олиб боришади. Тинчлик ва осойишталикнинг жасур ҳимоячиларини ҳаёти учун шифокорлар узоқ вақт курашдилар, аммо, афсуски, уларни сақлаб қола олмадилар ...

Қуролланган жиноятчиларни қўлга олишда кўрсатган жасорати ва мардлиги учун Тошкент шаҳар ИИББ Патруль-пост хизмати бригадаси 4-батальон 2-отряд ходими кичик сержант Азамат Болтабоев (марҳум) ҳамда ЙҲХБ кичик инспектор-кинологи катта сержант Қидирбек Нишонов (марҳум)лар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2002 йил 27 августдаги Фармони билан “Жасорат” медали билан тақдирланган.

Қидирбек Нишоновнинг укаси Баҳром акасининг изидан бориб, жиноятчиликка қарши курашиш ва фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида, ички ишлар ходими бўлишга қарор қилди.

Ҳозирда ички ишлар тизимига хизматга келган ёшларга ушбу қаҳрамонларнинг мардлиги ҳақида сўзлаб берилиб, бугунги тинч ва осойишта ҳаётимиз учун курашган инсонлар жасорати беқиёслиги алоҳида таъкидланади.

Барча янгиликлар

Text to speech