Тошкент шаҳар ИИББ ходимларининг Чилонзор туманида “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойили асосида амалга ошираётган ишлари тўғрисида
Инсон манфаатларини таъминлаш мақсадида, аҳоли билан ишлаш, одамларга зарур ёрдам кўрсатишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи генерал-майор Aзиз Ташпулатов, барча сектор раҳбарлари ва мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда Чилонзор туманида жойлашган кўп қаватли уйларда “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойили асосида бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилди. Туман ҳокимлиги, уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш идоралари вакиллари, маҳалла фуқаролар йиғинлари фаоллари ҳамда манфаатдор идоралар масъуллари билан ҳамкорликда уйма-уй юриб аҳоли билан суҳбатлар ўтказилди. Учрашув давомида уйларнинг томларини, ертўла ва йўлакларини таъмирлаш каби масалаларни жойида ҳал этиш чоралари кўрилди. Шунингдек, асосий эътибор ёлғиз кексаларга, кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга қаратилди.
Шу билан бирга, туман ҳудудида жойлашган кўп қаватли уйлар атрофи, яъни 27,5 км дан ортиқ кўчалар тозаланиб, жами 27 тоннага яқин чиқиндилар олиб кетилди. Бундан ташқари 140 дан зиёд дарахтлар буталаниб, электр тармоғидаги узилишлар, газ ва сув қувурлари билан боғлиқ муаммолар бартараф этилмоқда, шунингдек аҳоли турар жойларининг ертўлалари кўздан кечирилиб, дизинфекцияланди.
Тозаланаётган ва обод этилаётган манзилларда истиқомат қилувчи фуқаролар бундай ташаббускорликдан мамнун эканликларини таъкидлашмоқда. Aлбатта, ҳудудларда яхши шароит ва озодалик учун ҳаракатда бўлган юртдошларимиз энг савобли ишларга ўз ҳиссасини қўшмоқдалар.
Бу каби тадбирлар шаҳарнинг бошқа туманларида ҳам ўтказилмоқда.