25 Октябр 2025 йил 611

Тинчлик ва осойишталикни таъминлаш йўлида шарафли хизматни олиб бораётган ички ишлар ходимларининг 34 йиллик шонли йўли — виждон, садоқат ва жасорат билан безанган тарих

Юртимизда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, жамиятда барқарорлик муҳитини сақлаш — бу улуғ ва масъулиятли вазифадир. Ана шу шарафли бурчни ҳар куни виждонан бажараётган ички ишлар органлари ходимлари бугун ўз касб байрамларини нишонламоқдалар.

25 октябрь — Ички ишлар органлари ходимлари куни муносабати билан Ички ишлар вазирлиги Маданият саройида тантанали тадбир бўлиб ўтди. Тадбирда вазирлик раҳбарияти ва шахсий таркиби, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари раҳбарлари, идора ва жамоат ташкилотлари масъуллари ҳамда дипломатик корпус вакиллари иштирок этдилар.

Тантана аввалида давлатимиз раҳбарининг байрам муносабати билан йўллаган табриги Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Коммуникациялар департаменти раҳбари — Президент матбуот котиби Шерзод Асадов томонидан ўқиб эшиттирилди. Президентимиз ўз табригида ички ишлар органлари ходимларининг халқ осойишталигини таъминлаш, маҳаллаларда тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, жиноятчиликка қарши курашишдаги хизматларини алоҳида эътироф этди.

Ички ишлар вазири ўз нутқида юртбошимиз томонидан соҳада олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотларга тўхталиб, тизимни рақамлаштириш, ходимлар меҳнатини енгиллаштириш, замонавий техник воситалар билан таъминлаш ҳамда уларнинг оила аъзолари ижтимоий ҳимоясини кучайтириш бўйича амалга оширилаётган ишлар тизим ходимлари учун катта шараф эканини таъкидлади.

Яқинда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармонига биноан, соҳа вакилларининг бир гуруҳи давлат мукофотлари билан тақдирланди. Байрам тадбири давомида ана шу мукофотлар соҳиби бўлган ходимларга орден ва медаллар тантанали равишда топширилди.

Тақдирланган ходимлар Ватан ва халққа садоқат билан хизмат қилиш, ҳалоллик ва пок виждонни энг олий қадрият сифатида асрашга қасам ичдилар.

Тадбирда сўзга чиққан Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазири ўз нутқида хизмат бурчини виждонан бажараётган, мардонавор фаолият олиб бораётган ходимларнинг меҳнатини юқори баҳолади.

Тадбирда, хизмат давомида ҳалок бўлган ходимларнинг хотираси ёд этилди, уларнинг оилаларига чуқур ҳурмат ва миннатдорлик билдирилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати, ҳуқуқ-тартибот, мудофаа ва хавфсизлик идоралари, жамоат бирлашмалари ва вазирликлар вакиллари ҳам байрам табриклари билан чиқиш қилиб, ички ишлар органлари ходимларига миннатдорлик билдирди ва бир гуруҳ фидоий ходимларни идоравий кўкрак нишонлари билан тақдирлади.

Байрам тадбирлари мамлакатимиз бўйлаб барча ҳудудий бўлинмаларда ҳам давом этмоқда. Бу нафақат касб байрами, балки Ватан осойишталиги йўлида фидокорона хизмат қилаётган ҳар бир ходимнинг меҳнатини эътироф этиш байрамидир.

Барча янгиликлар

Text to speech