29 Октябр 2025 йил 419

“Қизил танлилар сардори” ёхуд “тиркама” операцияси

(Давоми. II-қисм) 

Унинг шартига кўнган Сирожиддин шерикларини йиғиб, ҳар бири саккиз  миллион сўмдан пул беришмаса ҳаммаси қамалишини айтиб, қамалиш сояси ҳали-ҳамон узоқлашмаган, ҳали битмаган ярасига туз сепди. – Нима, бир миллион ишлаб, саккиз миллиондан  қайтарамизми?! Бу ишни сен бошладинг, ўзинг жавобини бер! Менинг ортиқча пулим йўқ,–деди жиғибийрони чиқиб  Ғайрат. Азиз ва Жасурбеклар  ҳам Сирожиддинни каззобдан олиб қаллобга солишди. Мўмай пул топиш илинжида жиноятга қўл урган йигитлар воқеанинг чаппасига кетганидан режа  “муаллифи” бўлган Сирожиддинга ташланиб айтмаган гина-кудуратлари  қолмади. Шу жойда машҳур инглиз ёзувчиси О.Генрининг “Қизил танлилар сардори” фильмидаги воқеани ёдингизга солмоқчимиз. Ҳикояда икки дардисар: Сэм ва Билл  мўмай пул ишлаш мақсадида бой хонадоннинг фарзандини ўғирлаб  йирик товон пули ундиришни режалаштиришади. Бироқ  бола бола эмас, бало бўлиб, уларни турли кўйларга солиб, қилмишларига пушаймон қилади. Боланинг отаси эса сўралган пул у ёқда қолиб, сўралган пулдан икки баравар кўп беришмаса болани қайтариб олмаслик шартини қўяди. Ва бола ўғриларининг айтилган пулларни беришдан ўзга чораси қолмайди. Шунга ўхшаб тиркама эгаси Тоир ҳам 25 миллион сўмлик тиркамаси учун 35 миллион сўм сўрагани ўғриларнинг дунёсини ағдар-тўнтар қилиб юборди. Сирожиддинга қанчалик ғазаб ва нафрат ўтини сочишмасин қамалиб кетишдан қўрққан йигитлар пул топиш илинжида тарқалишди. Бироқ уч кун пул қидириб, мисқоллаб йиғиб келтирган пуллари 15 миллионга ҳам етмади. Сирожиддиннинг Тоирни вақт берса келишилган пулларни топиб беришга ишонтириш йўлидаги  саъй-ҳаракатлари эса зое кетди. Тиркама эгаси ички ишлар органларига мурожаат қилди.  Жиноят ишлари бўйича Бектемир тумани суди очиқ суд мажлисида 1998 йилда туғилган, маълумоти ўрта-махсус, оилали, муқаддам тўрт маротаба судланган,  М.Сирожиддинни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-модда 3-қисми “а” банди (“Ўғирлик”) билан айбли деб топди ва 5 йилга озодликдан маҳрум этиш жазосини тайинлади.  1997 йилда туғилган, муқаддам судланмаган Ж. Азиз;  1984 йилда туғилган, муқаддам икки марта судланган Н.Ғайрат; 1999 йилда туғилган, судланмаган Ш.Жасурбекларни Жиноят кодексининг 169-моддаси 2-қисми “в” банди (“Ўғирлик”)  билан айбли деб топди. Ҳар бирига иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб  қолган ҳолда 1 йилу 5 ойдан  ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.Мазкур жиноят иши тафсилотлари Бектемир тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими катта терговчиси, капитан Шерзод Шомуродовнинг иш юритувидан олинди.

Барча янгиликлар

Text to speech